(GMT+5) | 26.06.2022

Соя кони фойда

Соя экини – ўзига хос хусусиятлари билан бошқа қишлоқ хўжалиги экинларидан ажралиб турувчи ноёб ўсимлик турларидан бири ҳисобланади. Унинг дони таркибида 50% оқсил, 28% гача мой борлиги олимлар томонидан илмий исботланган бўлиб, соядан халқ хўжалигида 400 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилади.

Шунингдек, соянинг саноатни ривожлантиришдаги роли ниҳоятда катта ҳисобланади. Соядан ёғ, совун, лак-бўёқ, плёнка ишлаб чиқаришда, кимё, тўқимачилик саноатида кенг фойдаланилади. Соя хашаги чорва молари учун тўйимли озуқа ҳисобланиб, маҳсулотнинг қийматини янада оширишга хизмат қилади. Энг аҳамиятлиси, инсон учун зарур бўлган оқсил моддаларнинu 55 фоизи ана шу ўсимлик туридан олинар экан. Эҳтимол, шу сабаб у қимматбаҳо ўсимликлар қаторига киритилган.   

Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда Республикамизда ноанъанавий қишлоқ хўжалиги экинларини жойлаштириш ва етиштиришга бўлган эътибор кучайиб бормоқда. Статистик рақамларга кўра, 2017 йили илк маротаба мамлакат бўйлаб 12 минг гектардан ортиқ майдонга соя экилиб, ушбу экилган майдонлардан 14 минг тонна соя дони етиштирилиб, хом ашёни қайта ишлаш ҳисобига аҳолига 2 минг тоннадан ортиқ соя ёғи, паррандачилик корхоналарига 10 минг тонна юқори озуқали соя шроти етказиб берилган. Бироқ мамлакатимизнинг тупроқ ва иқлим шароитини ҳисобга олинса, янада кўпроқ натижаларга эришиш мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 14 мартдаги «2017 - 2021 йилларда республикада соя экишни кўпайтириш ва соя дуккакли экинларини ўстиришни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-2832-сон қарори қабул қилиниб, тармоқни ривожлантириш бўйича ҳуқуқий асослари белгилаб берилди.

Жорий йил “Мавжуд ер майдонларидан самаради фойдаланиш ва 2022 йил ҳосили учун қишлоқ хўжалиги экинларини оқилона жойлаштириш тўғрисидаги ҳукумат қарори қабул қилиниб, унга асосан жорий йил ҳосили учун Оққўрғон туманда, асосий майдонларнинг 850 гектарида соя етиштириш белгилаб олинди.

Соя экиш ишлари туманда аллақачон бошлаб юборилган бўлиб, мавсум давомидан бугунги кунга қадар жами 723 гектар майдонга, 85 фоиз экиш ишлари амалга оширди. Соя экиш ишларига 29 дан зиёд юқори унумли экиш сеялкалари жалб этилган бўлиб, экиш ишларини ўз вақтида ва сифатли якунлаш бўйича, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекциясининг Оққўрғон туман бўлими инспекторлари томонидан назорат қилиб борилди.

-Дон корхоналари ва кластерлар, фермер хўжаликлари майдонларига экиш учун талаб этиладиган уруғликларни ўз вақтида таъминлаб берди, Соянинг «ЎЗБЕК–6», “ПАРВОЗ”, “НАФИС”, «ЎЗБЕК–2», «ДЎСТЛИК», «ОРЗУ», «БАРАКА», «ОЙЖАМОЛ», «ТЎМАРИСММАн-60», «УСТОЗ –ММАн-60» навлари мавжуд бўлиб,  бугунги кунда давлат реестрига киритилган “Арлота”  R-1 навли уруғлиги фермер хўжаликларига етказиб берилди.

Мойли экинларнинг экилиши биринчидан аҳолининг асосий озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талаб ва эҳтиёжини қондиришга ёрдам берса, иккинчидан нарҳ-наволар тенденциясининг пасайишида муҳим аҳамият касб этади. Қолаверса, саноат учун зарур бўлган қимматбаҳо хом-ашёнинг барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

  Ш.УСУБАЛИЕВ,

Ўзагроинспекциянинг

бошқармаси бош инспектори                                                                             

 Э.Рахимжанов,

 Ўзагроинспекциянинг Оққўрғон туман

бўлими бошлиғи